ПЕДАГОГЛАРНИ ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИДАН…

ПЕДАГОГЛАРНИ ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИДАН РАҒБАТЛАНТИРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР МУҲОКАМАГА ҚЎЙИЛДИ

Иқтидорли, фидойи, ўз касбига содиқ педагогларни рағбатлантириш, ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг адолатли ва ошкора механизмини жорий этиш ҳисобига уларнинг ташаббускорлиги ва касб маҳорати ўсишини рағбатлантириш, умумтаълим мактаблари ходимлари меҳнатини баҳолаш ва моддий рағбатлантириш масалаларини ҳал қилишда мактабларнинг мустақиллигини ошириш ҳамда педагогик жамоалар ҳуқуқларини кенгайтириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида ўрнак кўрсатган педагог ва бошқа ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарори билан “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом” янги таҳрирда тасдиқланган.

Ўтган вақт мобайнида таълим муассасалари томонидан мазкур Низомни амалиётга татбиқ этиш ҳамда педагог, психолог ва кутубхона ходимлари фаолиятини баҳолаш орқали уларнинг ҳар ойлик маошларига тегишли устама ҳақлар белгилаш юзасидан кўплаб таклиф ва эътирозлар ёзма ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, билдирилган таклиф ва эътирозлардан келиб чиққан ҳолда мазкур низом ва педагог, психолог ва кутубхона ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонлари қайта кўриб чиқилиб, “Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, ҳар ойлик устама ҳақ белгиланадиган ходимларнинг 50 фоиз чекловига қайси ходимлар киришига, баъзи баҳолаш мезонлари бўйича ходимларнинг қайси иш фаолияти даврларини инобатга олиш, моддий ёрдам кўрсатишда ходимнинг “яқин қариндошлари” кимлар эканлиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилдан бошлаб PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро баҳолаш тадқиқотларида иштирок этишини инобатга олган ҳолда ушбу тадқиқотларга ўқувчиларни тайёрлаб бориш ишларига муносиб ҳисса қўшган ўқитувчиларга 100 фоизлик устамалар белгилаш жараёнини ташкил этишда шаффофлик, тенглик ва адолатни таъминлашга қаратилган талаблар кўзда тутилган.

Амалдаги ва таклиф этилаётган лойиҳага кўра “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом”ни янада такомиллаштириш борасида жамоатчилик таклифларини кутиб қоламиз. Қарор лойиҳаси билан https://regulation.gov.uz/ru/document/17057 ҳавола орқали танишишингиз ва таклифларингизни қолдиришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 апрелдаги 232-сон қарорига асосан 2020 йил 16 апрелдан бошлаб 1 октябрга қадар умумтаълим муассасаларида директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловларни амалга ошириш вақтинчалик тўхтатилган.

Write a Comment

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan