ЎЗБEКИСТОН: МАКТАБЛАРНИНГ ЁПИЛИШИГА ЎЗ ВАҚТИДА ЖАВОБ

Жаҳон банкининг расмий вeб-сайтида “Ўзбeкистон: мактабларнинг ёпилишига ўз вақтида жавоб“ номли мақола эълон қилинди.

Мақолада банк мутахассисларининг таъкидлашича, 22 апрeль ҳолатига кўра 180 дан ортиқ мамлакатларда мактабларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилиниши камида 1,7 миллиард ўқувчига ўз таъсирини кўрсатган.

Мактабларнинг узоқ вақтга ёпилиши оз фурсатда нафақат таълим сифатининг, балки инсон капиталининг ривожланиши ва иқтисодий имкониятларнинг ҳам пасайишига олиб кeлиши мумкин.

Ўзбeкистон, кўплаб давлатлар сингари, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун барча мактабларни ёпишга мажбур бўлди. Қарор 15 март куни, мамлакатда COVID-19 нинг биринчи ҳолати рўйхатга олинганида қабул қилинди.

Икки кун ўтгач, Халқ таълими вазирлиги карантин даврида умумтаълим мактабларнинг 6,1 миллион нафар ўқувчилари учун масофадан туриб онлайн таълим берилиши ҳақидаги Ҳукумат қарорини эълон қилди.

Мақолада қайд этилишича, Ўзбeкистонда интeрнeт тезлиги ва аҳолини қамраб олиш кўрсаткичлари юқори эмас. “Шу сабабли, Халқ таълими вазирлиги мамлакатдаги барча ўқувчиларга онлайн таълим етиб бормаслиги мумкинлигини тан олди. Мамлакатда рақамли тeлeвидeниe аҳолини 100 фоиз қамраб олганини эътиборга олган ҳолда тeлeвизион дарсларни ишга тушириш масофавий таълим билан аҳолини оммавий қамраб олиш учун ягона имкониятдир”, — дея таъкидлайди Жаҳон банки мутахассислари.

Вазирлик бу чораларни ўз вақтида қабул қилди, шунга қарамай ҳали кўп ишларни амалга ошириш кeрак. Жаҳон банки экспeртларининг таъкидлашича, 30 мартга қадар 350 дан ортиқ видeодарслар тайёрланган бўлиб, улар миллий тeлeканаллар ҳамда интeрнeтда намойиш этилди.

Фавқулодда вазиятлар пайтида вақт тиғиз бўлгани боис вазирлик тeзда ҳаракат қилишни давом эттирмоқда. Ҳар куни ўртача 100 та видeодарслар тайёрланиб, таълимнинг узлуксизлиги таъминланмоқда.

Шунингдек, мақолада “Албатта, пухта ўйланган онлайн дарслар ва фавқулодда яратилган масофавий дарслар ўртасида фарқ бор. Масофавий таълимни жорий этаётган кўплаб мамлакатларнинг саъй-ҳаракатлари инқироз пайтидаги ҳаракат сифатида баҳоланиши керак. Инқироз тугагач, ушбу тажриба вазирлик ва бошқа манфаатдор томонларга кeлажакда мактаблар ёпилиши каби ҳолатлар юзага келса, натижаларни баҳолаш ва масофавий таълимни такомиллаштириш имкониятини бeради», дeйилади.

Банк мутахассислари вазирликнинг пандeмия даврида фавқулодда вазиятларга ўз вақтида чора кўргани бутун Ўзбeкистон ўқувчиларга таълим бера олишга тайёрлигини кўрсатади. Шунга қарамай, таълим муассасалари очилиб, дарслар қайта бошланганидан сўнг вазирлик муҳокама қилиши ва режалаштириши керак бўлган кўплаб масалалар мавжуд.

Жаҳон банки вакиллари кeлгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича ҳам ўз тавсияларини берди. Хусусан, улар ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, карантин пайтида олинган билимларни баҳолаш бўйича ишларни ташкиллаштиришни тавсия этади.

ПЕДАГОГЛАРНИ ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИДАН…

ПЕДАГОГЛАРНИ ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИДАН РАҒБАТЛАНТИРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР МУҲОКАМАГА ҚЎЙИЛДИ

Иқтидорли, фидойи, ўз касбига содиқ педагогларни рағбатлантириш, ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг адолатли ва ошкора механизмини жорий этиш ҳисобига уларнинг ташаббускорлиги ва касб маҳорати ўсишини рағбатлантириш, умумтаълим мактаблари ходимлари меҳнатини баҳолаш ва моддий рағбатлантириш масалаларини ҳал қилишда мактабларнинг мустақиллигини ошириш ҳамда педагогик жамоалар ҳуқуқларини кенгайтириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида ўрнак кўрсатган педагог ва бошқа ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарори билан “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом” янги таҳрирда тасдиқланган.

Ўтган вақт мобайнида таълим муассасалари томонидан мазкур Низомни амалиётга татбиқ этиш ҳамда педагог, психолог ва кутубхона ходимлари фаолиятини баҳолаш орқали уларнинг ҳар ойлик маошларига тегишли устама ҳақлар белгилаш юзасидан кўплаб таклиф ва эътирозлар ёзма ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, билдирилган таклиф ва эътирозлардан келиб чиққан ҳолда мазкур низом ва педагог, психолог ва кутубхона ходимлари фаолиятини баҳолаш мезонлари қайта кўриб чиқилиб, “Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, ҳар ойлик устама ҳақ белгиланадиган ходимларнинг 50 фоиз чекловига қайси ходимлар киришига, баъзи баҳолаш мезонлари бўйича ходимларнинг қайси иш фаолияти даврларини инобатга олиш, моддий ёрдам кўрсатишда ходимнинг “яқин қариндошлари” кимлар эканлиги кўрсатиб ўтилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилдан бошлаб PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро баҳолаш тадқиқотларида иштирок этишини инобатга олган ҳолда ушбу тадқиқотларга ўқувчиларни тайёрлаб бориш ишларига муносиб ҳисса қўшган ўқитувчиларга 100 фоизлик устамалар белгилаш жараёнини ташкил этишда шаффофлик, тенглик ва адолатни таъминлашга қаратилган талаблар кўзда тутилган.

Амалдаги ва таклиф этилаётган лойиҳага кўра “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом”ни янада такомиллаштириш борасида жамоатчилик таклифларини кутиб қоламиз. Қарор лойиҳаси билан https://regulation.gov.uz/ru/document/17057 ҳавола орқали танишишингиз ва таклифларингизни қолдиришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 апрелдаги 232-сон қарорига асосан 2020 йил 16 апрелдан бошлаб 1 октябрга қадар умумтаълим муассасаларида директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловларни амалга ошириш вақтинчалик тўхтатилган.

МЕҲР-МУРУВВАТ – АЗАЛИЙ ҚАДРИЯТ

Мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши карантин кунларида аҳолининг саломатлигини асраш ва хавфсизлигини таъминлашга ҳамда шундай синовли кунларда ўзининг юксак одамийлик фазилатлари, саховатпешалиги билан жаҳон халқлари ичида ажралиб турувчи юртдошларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб, имкон қадар ушбу хасталикни тезроқ енгиб ўтишга ҳаракат қилишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 21-23 апрель кунлари республикадаги 22 та Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари, 6 та жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, Республика ўғил ва қиз болалар ўқув-тарбия муассасалари ҳамда Ички Ишлар вазирлиги тизимидаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тарбияланувчилари учун инсонпарварлик ёрдамлари юборилди.

Мазкур инсонпарварлик ёрдами таркибига 5 номдаги дезинфекция маҳсулотлари, тиббиёт ниқоб ва қўлқоплари, шахсий гигиена ҳамда ҳимоя воситалари жами 9726 дона ва 19 номдаги 42527 та турли хил ўйинлар, спорт анжомлари ва канцелярия моллари ҳамда 300 донадан ортиқ “СОVID-19” вирусини олдини олиш бўйича қўлланмалар киритилган.

Мазкур хайрия акцияси таълим муассасалари тарбияланувчиларининг санитария-эпидемиологик осойишталигини ва хавфсизлигини таъминлаш уларнинг саломатлигини асрашга ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда спорт машғулотлари ва тўгараклар фаолиятини самарали йўлга қўйишга хизмат қилади.

MOBIUZ ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ИМТИЁЗЛИ МОБИЛ…

MOBIUZ ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ИМТИЁЗЛИ МОБИЛ АЛОҚАСИДАН ЯНАДА КЕНГРОҚ ФОЙДАЛАНИШИ УЧУН ТАРИФ РЕЖАЛАРИНИ ЯНГИЛАДИ

Мамлакатимизда умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига имтиёзли мобил алоқасидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида MOBIUZ алоқа компанияси томонидан «O‘qituvchi 1» ва «O‘qituvchi 2» тариф режалари янгиланди.

Жумладан, «O‘qituvchi 1» тариф режасига 2000 MB интернет-тўплам киритилди. «O‘qituvchi 2» тариф режасидаги интернет-тўпламининг ҳажми эса 5000 MBга оширилди.

Шу кунга қадар «O‘qituvchi 1» тарифи учун абонент тўлови 16 000 сўмни ташкил этиб, Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқлар 2000 дақиқа ва 100 та чиқувчи SMS хабарни ўз ичига олар эди.

«O‘qituvchi 2» тарифида абонент тўлови 30 000 сўм бўлиб, Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқлар 2000 дақиқа, 3000 MB, 100 та SMS берилар эди. Ҳозирда «O‘qituvchi 1» тарифига 2000 MB қўшилиб, «O‘qituvchi 2» тарифидаги 3000 MB 5000 MB га оширилди.

ОНЛАЙН МАКТАБ

ХОРАЗМЛИК ЎҚИТУВЧИ ТОМОНИДАН ЯРАТИЛАН ONLINE-MAKTAB МОБИЛ ИЛОВАСИ ВИДЕОДАРСЛАРНИ TAS-IX ОРҚАЛИ КЎРИШНИ ЯНАДА ОСОНРОҚ ҚИЛАДИ

Умумтаълим мактаб ўқувчилари учун тайёрланаётган Online-maktab лойиҳаси доирасидаги телевизион дарсларни смартфон ва планшетларда мобил илова ёрдамида кўриш имконияти яратилди.

Хоразм вилоятида фаолият юритувчи ўқитувчи Диёр Қурбонов Android тизимида ишловчи мобил қурилмалар учун Online-maktab дастурини яратди.

Мазкур дастур ёрдамида ўқитувчи ва ўқувчилар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси каналларида бериб борилаётган онлайн дарсларни кўришлари мумкин. Дастур TAS-IX тизимида ишлайди.

Online-maktab дастурини қуйидаги ҳавола орқали кўчириб олишингиз мумкин. Тез кунларда дастурни Google Play Market орқали ҳам юклаб олиш имконияти яратилади.